«Соғлом авлод учун» халқаро нодавлат хайрия жамғармаси Ўзбекистоннинг экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудлари аҳолисига тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида навбатдаги «Саломатлик» гуманитар акция-поэздини 24 сентябрдан 30 сентябргача Қорақалпоғистон Республикаси олис туманлари аҳолиси учун Тошкент-Мискен-Тўрткўл-Тошкент йўналиши бўйлаб ташкиллаштирмоқда. Бу ҳақда 12news.uz хабар берди.
Таъкидлаш жоиз, 2014 йилда «Саломатлик» поэздлари Тошкент-Тинчлик-Конимех-Каракатта-Мустақиллик-Бузоубой-Учқудуқ II-Тошкент йўналиши бўйича Навоий вилоятига ҳамда Тошкент-Деҳқонобод-Оқработ-Дарбанд-Бойсун-Қумқўрғон-Тошкент йўналиши бўйича Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига ҳам жўнатилган эди.
2014 йил 24 сентябрь куни соат 16:50да Тошкентдаги Шимолий вокзалдан «Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик темир йўл компаниясининг малакали врачлар бригадаси билан йўлга чиққан бу сафарги «Саломатлик» поэзди аҳолини, биринчи навбатда аёллар ва болаларни тиббий кўрикдан ўтказиб, уларга дори-дармонлар, ногиронлар аравачалари, гигиэна воситалари, витаминлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечаклардан иборат «Соғлом авлод учун» жамғармасининг гуманитар ёрдамини тарқатишни мақсад қилган. Гуманитар юкнинг умумий қиймати 34,7 миллион сўм ва 465 250 АҚШ долларини ташкил қилади.
Тадбирга «AmeriCares» халқаро ташкилоти (АҚШ), «Tom's Shoes» (АҚШ), «Resource and Policy Exchange» (АҚШ), «Friedensdorf International» (Германия), «Дори-дармон» АК, «Бахттекс-Фарм» ОАЖ, «Диёр бизнес» ОАЖ ва бошқалар ҳомийлик қилмоқда.
Изоҳ (0)