АҚШ давлат котиби Жон Керри Шимолий Кореядаги инсон ҳуқуқлари бузилишини қоралади ва Пхенянни «ваҳшийлик ва ғайриинсонийлик» ҳукм сураётган жазо колонияларини ёпишга чақирди. Бу ҳақда у Япония, Жанубий Корея ва Австралия ташқи ишлар вазирлари билан БМТ Бош Ассамблеяси кулуарларида бўлиб ўтган учрашувда маълум қилган, дея хабар бермоқда Agence France-Presse.
Давлат котибининг сўзларига кўра, лагерлар ёпилиши, «ушбу ёвузлик тизимининг фаолияти тугатилиши» керак. «Агар биз, эркин одамлар, номаълумликда азият чекаётган шу эркак ва аёллар учун кураша олмасак, бошқа нима учун курашамиз? Сўзлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинганларга гапириш имконини беролмасак, ўзимиз нима учун гапириб турибмиз», – деб таъкидлади Керри.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Корея Халқ Демократик Республикасидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият тўғрисидаги сўнгги маълумотномасида мамлакат расмийлари маҳбусларга нисбатан жиноятлари учун Халқаро жиноят суди олдида жавоб беришлари кераклиги айтилган. Ўз навбатида, КХДР ҳукумати ҳар доим ҳам БМТ маълумотлари ҳақиқатга тўғри келмаслиги ва мамлакатдан қочган хоинлар сўзларига асосланишини таъкидлаб келади.
Изоҳ (0)