Белоруссия пойтахти Минскда етти соат давом этган музокаралардан сўнг, Украина бўйича контакт гуруҳи аъзолари ўқ отишни тўхтатиш режимини амалга ошириш тўғрисидаги меморандумни имзолади. Музокаралардан тунга яқин чиққан йиғилиш иштирокчилари узоқ куттириб қўйгани учун мухбирлардан узр сўраб, Белоруссия томонига мажлиснинг яхши ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда ИТАР-ТАСС хабар бермоқда.
Украинанинг собиқ президенти Леонид Кучма «томонлар, энг аввало, қурол ишлатишни тўхтатиш умумий ҳисобланиши»га келишиб олганини маълум қилди.
Шундан келиб чиқиб, улар ҳарбий бўлинмалар 19 сентябрь ҳолатига кўра қаерда жойлашган бўлса, шу ерда қолиши ҳақида, шунингдек, ҳар қандай турдаги қуролларни ишлатиш ва ҳарбий ҳужум ҳаракатларини олиб боришни тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилди.
«Меморандум 100 милиметрдан катта калибрли қирғин қуролларини икки томондан камида 15 километрга ортга суришни, шунингдек, аҳоли пунктлари бор туманларга оғир қуроллар ва ҳарбий техника жойлаштиришни тақиқлашни кўзда тутади», — деди Кучма.
Бундан ташқари, ҳужжат орқали янги минали тўсиқлар ўрнатиш, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти қурилмаларидан ташқари барча ҳарбий авиация, хусусан, учувчисиз самолётлар парвозларини амалга ошириш тақиқлаб қўйилди.
Эришилган келишувнинг бажарилиши устидан назорат ўрнатиш вазифаси Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига юклатилди.
Изоҳ (0)