Россияга нисбатан шафқатсиз санкциялар АҚШ томонидан жорий этилган куннинг эртасига Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Вашингтонни Москвани дунёдан, шу жумладан Европа Иттифоқидан узиб қўйишга уринишда айблади. Бу ҳақда Euronews хабар бермоқда.
Лавров «ТВ-Центр» телеканалига берган интервьюсида «Дунё биздан ўзини олиб қочмаяпти», — деб айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Америка Европани Россиядан (иқтисодий томондан) узиб қўйиш учун Украинадаги вазиятдан фойдаланмоқда.
«АҚШ трансатлантик савдо ва сармоя ҳамкорлигига эришиш борасида музокаралар олиб борилаётган бир пайтда ўзига энг яхши шароитларни яратиш учун ҳозирги воқеалардан фойдаланмоқда. Айни дамда бу ҳаракатлар, хусусан, АҚШнинг Европага нархи бўйича Россия гази билан солиштирганда рақобатбардош бўла олмайдиган суюлтирилган табиий газни етказиб бериш борасидаги ҳаракатлари ҳам фаоллашди», — деди Россия ТИВ.
Ўз навбатида, Киев Украинани ташқи оламдан узиб қўйиш ва унинг Евроиттифоққа яқинлашишига тўсқинлик қилишда Россияни айбламоқда. Украина Бош вазири Арсений Яценюк эса Украинани мустақил давлат сифатида бутунлай йўқ қилиш — Путиннинг туб мақсади, деб ҳисобламоқда.
Шунга қарамай, Россиянинг Украина жануби-шарқидаги аҳоли учун иккинчи гуманитар ёрдам колоннаси Луганскка етиб келгани ҳақида хабар берилди.
Изоҳ (0)