Америкалик олимларнинг юлдузли осмонни ўрганиш борасидаги сўнгги машғулотларида Қуёш тизими томон ҳаракатланаётган астероид ва метеоритлар оқими аниқланди. Жумладан, яқин 100 йилда Ерда 400 дан зиёд метеорит тўқнашуви бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Телеграф» нашри хабар бермоқда.
NASA мутахассислари Ер сайёрасига 2017—2113 йилларда турли астероид ва метеорларнинг шиддатли оқими келиб урилишини тахмин қилмоқда. Астрофизиклар, ўз навбатида, бу — жисмларнинг тахминий миқдори эканлиги, аслида улар бундан бир неча ўн карра кўп бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Мазкур космик жисмларнинг тезлиги жуда катта бўлиб, ҳозирги қурилмалар осмоннинг ҳар бир қисмини қамраб олишга ожизлик қилади. Астрофизик Брайан Кокснинг сўзларига кўра, айнан шу сабаб туфайли олимлар 2014 EC номли астероидни Ерга 60 минг километр яқинликка келишидан бор-йўғи уч ой олдин пайқаган.
Мутахассислар ҳисоблаб чиқиб, 100 йилда Ерга ўртача диаметри 100 метрни ташкил этадиган 400 дан зиёд метеор қулашини аниқлади. Бундай катта миқдор эса ер атмосферасининг бузилишига сабаб бўлади.
Мутахассислар диаметри 200 метрдан ошадиган астероид ва метеорлар эса Ер сайёрасини «тозалаб юбориши»ни тахмин қилмоқда.
Айни дамда испаниялик олимлар La Sagra обсерваториясида 2012 DA14 астероиди ҳаракат йўналишини кузатяпти. Олимлар мазкур космик жисмнинг Ер атмосферасига кирмай, уни четлаб ўтишига ишонч ҳосил қилмоқчи. Шунга қарамай, ҳозирда мазкур астероиднинг маълум бир қисми атмосферанинг юқори қатлами билан тўқнашиши борасидаги эҳтимол сақланиб қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ, ХХ аср бошларида Сибир ҳудудига Тунгус метеори қулаган эди. У одам кам истиқомат қиладиган ҳудудга тушгани учун минглаб кишилар ҳаёти сақланиб қолган.
Изоҳ (0)