Қозоғистонда 2017 йилга бориб, полиция ходимлари жезл (таёқ)лари ўз кучини йўқотади. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири биринчи ўринбосари Бакитжон Сагинтаев берган ахборотга таяниб, Tengrinews.kz хабар бермоқда.
«Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимида автопатрул усулига босқичма-босқич ўтилади. Бироқ бу жараён ҳаракатни қўл билан бошқариш ва тезкор қидирув тадбирларини олиб боришга тааллуқли эмас. 2017 йилдан бошлаб, бизда полициячилар таёғи фаолиятдан бутунлай чиқарилади», — деди Бош вазирнинг биринчи ўринбосари «Қозоғистон — 2050» демократик кучлари бутунмиллий коалицияси йиғилишида. Сагинтаев, шунингдек, коррупцияга қарши кураш билан боғлиқ ҳукумат чораларини ҳам маълум қилди.
Аввалроқ Қозоғистонда савдо-сотиқ мақсадларида ишлатилмайдиган, кўпи билан етти йил фойдаланилган шахсий автомобиллар техник кўрикдан ўтказилмаслиги хабар қилинган эди. Шунингдек, транспорт воситасини бошқариш ушун ишончномани текшириш ҳам бекор қилинади.
Бундан ташқари, мамлакат қонунчилигига йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларни кучайтирилган жавобгарликка тортиш бўйича ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, транспорт воситасини бошқараётганда телефонда гаплашган ҳайдовчилар энг кам иш ҳақининг беш баробаридаги жаримага тортилади. Мазкур қонунбузарлик маъмурий жарима жорий этилган вақтдан бошлаб бир йил мобайнида такрорланса, ҳайдовчи энг кам иш ҳақининг етти бараварида жарима тўлайди.
Изоҳ (0)