Жорий йилнинг 3—6 сентябрь кунлари Америка Қўшма Штатларининг Колорадо-Спрингс шаҳрида паралимпиячилар ўртасида дзюдо кураши бўйича ўтказилган Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган 15 спортчидан саккиз нафари совриндорлар сафидан ўрин эгаллади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси хабар бермоқда.
Мазкур жаҳон чемпионатида дунёнинг бугунги кундаги энг кучли дзюдо усталари аниқланиши билан бирга, 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XV ёзги Паралимпия ўйинларининг йўлланмалари учун рейтинг очколар ҳам ўйналди.
Биринчи кунги мусобақада Ўзбекистон спортчиларининг иккита кумуш ва учта бронза медалга сазовор бўлганини хабар берган эдик.
Жаҳон чемпионатининг иккинчи кунги баҳсларида мутлақ (+100 кг) вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Одилжон Тулендибоев терма жамоа хазинасига олтин медални келтирди.
Иккинчи кунги мусобақада, шунингдек, Ширин Шарипов (-100 кг) кумуш, яна бир ўзбекистонлик спортчи Шуҳрат Бобоев (-90 кг) бронза медалга сазовор бўлди.
Шу тариқа, дзюдо кураши бўйича Жаҳон чемпионати мусобақаларининг якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари битта олтин, учта кумуш ва тўртта бронза медалга сазовор бўлди.
Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган терма жамоа аъзолари 8 сентябрь куни соат 21:00 да Ўзбекистонга қайтиб келади.
Изоҳ (0)