Жорий йилнинг 29—31 август кунлари Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин эгаллаган таэквондонинг WTF йўналиши бўйича Гран-При туркумига кирувчи йирик халқаро мусобақа ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси хабар бермоқда.
Дунёнинг етакчи таэквондо усталари иштирокида бўлиб ўтган мазкур нуфузли мусобақада Ўзбекистон шарафини беш нафар спортчи — Умида Абдуллаева (+63 кг), Никита Рафалович (-74 кг), Максим Рафалович (-78 кг), Жасур Бойқўзиев (-80 кг) ва Дмитрий Шокин (-80 кг) ҳимоя қилди.
Қизғин кечган мусобақалар якунларига кўра, ўзбекистонлик спортчилардан Жасур Бойқўзиев ўз вазнида бронза медаль билан тақдирланди. Эътиборлиси, Жасур 3-ўрин учун кечган баҳсда жамоадош дўсти Дмитрий Шокин билан кураш олиб борди.
Мазкур Гран-При турнирида 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган ХXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари учун рейтинг очколар ўйналди. Маълумки, 2015 йилнинг август ойига қадар бўлиб ўтадиган рейтинг мусобақаларида ҳар бир вазн тоифасида кучли олтиликдан ўрин эгаллаган спортчиларга Олимпиада ўйинларининг лицензиялари берилади.
Остона шаҳрида ўтказилган Гран-При мусобақасида бронза медалга сазовор бўлган Жасур Бойқўзиев ўз вазн тоифасида дунё рейтингида 7-ўриндан 5-ўринга кўтарилиб олди.
Агарда Жасур навбатдаги мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этиб, кучли олтиликдаги ўрнини рейтинг мусобақаларининг охирига қадар сақлаб қолса, ХXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг қатнашчисига айланади.
Изоҳ (0)