30 августдан эътиборан, Ўзбекистон терма жамоаси Миржалол Қосимов бош мураббийлигида пойтахтимиздаги «Жар» стадионида ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда, деб ёзади Uff.uz.
Йиғиннинг иккинчи куни терма жамоамиз «Пахтакор» клуби билан ўртоқлик учрашувида 2:2 ҳисобини қайд этишди.
Эътиборлиси, ўйиндаги барча голлар «пахтакорчилар» томонидан киритилди. Терма жамоа сафида Игорь Сергеев ва Владимир Козак ўзларини кўрсатган бўлса, «Пахтакор» таркибида Баҳодир Пардаев ва Анвар Солиев голларга муаллифлик қилди.
Нашрнинг эслатишича, 4 сентябрь куни «Пахтакор» марказий стадионида Иордания миллий терма жамоасига қарши ўтказиладиган ўртоқлик учрашувида Осиё ўйинларига йўл оладиган футболчиларимиз майдонга тушади.
Терма жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимовнинг ИнтерФутбол нашрига хабар беришича, ҳозирча йиғинда қуйидаги футболчилар иштирок этяпти.
Дарвозабонлар:Элдор Суюнов («Насаф»), Никита Рибкин («Пахтакор»)
Ҳимоячилар:Егор Кримец, Даврон Ҳошимов (иккиси «Пахтакор»), Бобур Йўлдошев, Ислом Тўхтахўжаев, Салим Мустафоев (ҳаммаси «Локомотив»), Шерзод Файзиев («Машъал»), Азамат Исроилов («Олмалиқ»).
Ярим ҳимоячилар:Акбар Исматуллаев, Владимир Козак, Жамшид Искандаров (ҳаммаси «Пахтакор»), Азимжон Аҳмедов («Навбаҳор»), Фозил Мусаев («Локомотив»), Дилшод Жўраев, Сардор Рашидов (иккиси ҳам «Бунёдкор»), Фаррух Сайфиев («Насаф»).
Ҳужумчилар:Игорь Сергеев («Пахтакор»), Фарҳод Тожиев («Локомотив»), Шаҳзодбек Нурматов («Металлург»), Наврўзбек Алимов («Қизилқум»).
Тиззасидаги жароҳат сабаб «Нефтчи» ҳужумчиси Павел Смоляченко терма жамоа лагерини тарк этиб, ўз клуби ихтиёрига қайтиб кетди. Легионерлардан эса Сервер Жепаров, Темур Кападзе ва Азиз Ҳайдаров Тошкентга етиб келишди.
Бугун тунда Одил Аҳмедов, Санжар Турсунов ҳамда Виталий Денисовнинг келиши кутиляпти. Хитойнинг «Чангчун Ятаи» клубида тўп тепиб келаётган ҳимоячи Анзур Исмоилов эса эртага терма жамоа сафини тўлдиради.
8 сентябрь куни Янги Зеландияга қарши ўтказиладиган учрашувда асосий ва шу билан бирга бугунги кундаги энг кучли таркиб майдонга тушади. Бўлажак ўйинда «Локомотив»дан Игнатий Нестеров, Жасур Ҳасанов (каттаси) ва Шавкат Муллажоновнинг ҳам майдонга тушиши кутиляпти.
Изоҳ (0)