Тошкентда енгил атлетика бўйича мамлакат очиқ чемпионати бўлиб ўтди. Мусобақаларда Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан ташриф буюрган 306 спортчи иштирок этди. Фақат хоразмлик спортчилар чемпионатдан четда қолди, деб хабар бермоқда Stadion.uz.
Жамоалар ўртасида кучлилар гуруҳида пойтахтликларга тенг келадиган рақиб топилмади. Улар 569 очко жамғариб биринчиликни эгаллади. Иккинчи ва учинчи ўрин фарғоналиклар (380 очко) ва пойтахт вилояти (373) вакилларига насиб этди. Иккинчи гуруҳда Сирдарё (249), Наманган (245) ҳамда Сурхондарё (190) спортчилари пешқадамлик қилди.
Баҳсларда бир қатор атлетлар яхши спорт формасида эканлиги намоён бўлди. Жумладан, спорт усталари нормативларини уддалаганлар орасида тошкентлик спринтер Аббос Тошматовни ажратиб кўрсатиш мумкин. У 100 метр масофага югуришда 10,74 сония натижани қайд этди. Аббос, шунингдек, 200 метрга югуриш ва 4х100 метр эстафетада ҳам ғолиб чиқди.
Сурхондарёлик Ситора Ҳамидова 5000 метр масофага югуришда 16:24.30 натижа билан зафар қучди.
Узоққа сакраш секторида муросасиз кураш эътиборни тортди. Дарья Резниченко 6,38 метрга сакради ва Анастасия Журавлёвани бор-йўғи бир сантиметрга ортда қолдириб, чемпион бўлди.
Аёллар ўртасидаги кўпкурашда бир йўла икки спортчи — Юлия Тарасова ва Ольга Глуховкина таҳсинга лойиқ натижага эришди. Ядро отиш бўйича баҳсларда София Бурҳонова ва Елена Смольянова олқишларга сазовор бўлди.
Босқон улоқтирувчилар Суҳроб Хўжаев ва Анастасия Асланиду, найза отувчилар Бобур Шокиржонов ва Анастасия Свечникова ишончли ғалабаларга эришди.
Яқиндагина ўсмирлар ўртасида Осиё ва жаҳон чемпионатида муносиб қатнашган ўзбекистонлик спортчилар энди катталар ўртасидаги баҳсларда ҳам маҳоратлари ошиб бораётганини намойиш эта олди. Бироқ бир нечта етакчи спортчи узрли сабаблар билан чемпионатни ўтказиб юборди.
Чемпионат натижалари халқаро ареналарда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган спортчилар бор эканлигини кўрсатди.
Изоҳ (0)