Бокс бўйича ўсмирлар ўртасида Жаҳон ва Осиё чемпиони — Бектемир Мелиқўзиев Нанкинда ўтказилаётган ўсмирлар олимпиада ўйинларида ўз вазнида дунёда тенгсиз эканлигини амалда яна бир бора исботлади, деб хабар берди Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси.
Вазни 69 килограммгача бўлган спортчилар мусобақасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Бектемир ҳал қилувчи финал жангида Доминикан Республикаси вакили Хуан Соланога ҳеч қандай имконият қолдирмади ва 3:0 ҳисобида зафар қучиб, Ўзбекистон делегацияси ҳисобига яна бир олтин медални келтирди.
«Сафар олдидан ўсмирлар олимпиада ўйинларида фақат олтин медаль учун курашишни мақсад қилган эдим. Ниятим ижобат бўлганлигидан жуда ҳам бахтиёрман. Ушбу ғалабамни тобора яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 23 йиллик байрамига бағишлайман», — дейди боксчи.
Шу тариқа, ўсмирлар олимпиада ўйинларида Ўзбекистон спортчилари томонидан қўлга киритилган медаллар сони 10 тага етди:
Олтин — Бектемир Мелиқўзиев (бокс)Олтин — Илҳом Баҳромов (юнон-рум кураши)Олтин — Суҳроб Турсунов (дзюдо, жамоавий)Олтин — Владимир Свечников (ўқ отиш, микст)
Кумуш — Умида Абдуллаева (таэквондо)Кумуш — Фарҳодбек Собиров (оғир атлетика)Кумуш — Сулаймон Латипов (бокс)
Бронза — Суҳроб Турсунов (дзюдо)Бронза — Адҳамжон Эргашев (оғир атлетика)Бронза — Тимур Қодиров (спорт гимнастикаси)
Бугун Ўзбекистон спортчилари бадиий гимнастика бўйича жамоавий кўпкураш мусобақаларида медаллар учун кураш олиб боради. Мазкур мусобақа Тошкент вақти билан соат 16:00 да бошланади.
Изоҳ (0)