21 август куни Бирлашган кураш турлари халқаро федерацияси (FILA) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига Тошкентда ўтказиладиган жаҳон чемпионатида Эбола касаллиги тарқалган Ғарбий Африка давлатларининг иштирок этиш-этмаслигига аниқлик киритиш учун сўров юборди. Бу ҳақда Wrestling.uz хабар бермоқда.
Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу борада расман бир қарорга келиб, FILAга мусобақаларда иштирок эта олмайдиган давлатлар рўйхати қайд этилган жавоб хатини жўнатди.
«Ўзингизга маълум бўлганидек, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Фавқулодда ҳолатлар қўмитаси Шимоли-ғарбий Африканинг айрим мамлакатларида тарқалган Эбола безгагини жамият саломатлигига хавф туғдирадиган вазият деб баҳолади.
Шундан келиб чиқиб, 2005 йилги Халқаро тиббий-санитария қоидалари талабларига риоя қилган ҳолда, шунингдек, 2014 йил 26 август ҳолати бўйича эпидемиянинг ривожланиш даражасини ҳисобга олиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентда ўтказиладиган спорт кураши бўйича жаҳон чемпионатига Гвинея, Либерия, Сьерра-Леоне, Нигерия ва Конго давлатлари спортчиларини таклиф қилишдан сақланишни тавсия қилади», — дейилади жавоб мактубида.
Эслатиб ўтамиз, спорт кураши бўйича жаҳон чемпионати 8—14 сентябрь кунлари Тошкентдаги «Гимнастика саройи»да бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)