Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Украинадаги вазиятни тартибга солиш учун Украина раҳбари Пётр Порошенконинг Россия президенти Владимир Путин билан музокарага бевосита киришиши тарафдори эканини маълум қилди. Бу ҳақда «Сегодня» хабар бермоқда.
«Ўйлашимча, сиз Путин билан бевосита гаплашишингиз керак. Россия учун ҳам, Украина учун ҳам ҳақиқат вақти келди, деб ўйлайман. Негаки, қон тўкилиши бошқа давом этмаслиги керак», — деди Қозоғистон президенти Минскда Украина раҳбари билан бўлиб ўтган учрашувда. У томонларнинг тезроқ тинчлик ўрнатилиши учун ўзаро келишувга эришиш йўлларини топиши лозимлигини қўшимча қилди.
Шунингдек, Назарбоев Украинанинг шарқий туманларини гуманитар ёрдам билан таъминлашга тайёрлигини маълум қилди.
Қозоғистон раҳбари можаронинг давом этиши дунё миқёсида зиддият келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлади.
Ўз навбатида, Украина президенти Минскда Назарбоев билан бўлиб ўтган учрашувга ижобий баҳо бериб, Қозоғистон Украинанинг дўсти эканлиги ва шундай бўлиб қолишини айтди. Бундан ташқари, Порошенко Минскдаги учрашув Донбасс воқеалари юзасидан ижобий натижа беришига умид қилаётганини қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, бугун Минскда Украина — Европа Иттифоқи — «Евросиё учлиги» учрашуви бўлиб ўтиши режалаштирилган. Кеча Россия президенти матбуот котиби Порошенконинг Путин билан учрашиши ҳақида айтиб ўтган бўлса-да, мазкур учрашув ҳозирча тадбирлар дастурига киритилмаган. Бироқ, берилган маълумотларга кўра, дастурга ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
Изоҳ (0)