Ўзбекистон Бурятия Республикасига (Россия Федерацияси субъекти) сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари етказиб беришга тайёр. Бундай таклиф билан «Марказсаноатэкспорт» давлат компанияси Бурятия ҳукуматига мурожаат қилди, дея хабар бермоқда Anhor.uz.
Бурятия Иқтисодиёт вазирлиги хабарига кўра, август охирида компания ходимлари Бурятияда бўлиб, янги узилган ва қайта ишланган мева-сабзавот, шунингдек тўқимачилик маҳсулотлари етказиб бериш имкониятларини ўрганади.
Компания етказиб берадиган маҳсулотлар рўйхатидан 70 дан ортиқ ном ўрин олган. Юқори технологияли Европа ускуналари, ишлаб чиқариш устидан кунлик назорат, қуритиш, сақлаш, консервациялаш олд технологиялари, ишлаб чиқариш меъёр ва қоидаларига қатъий риоя қилиш — маҳсулотлар сифатининг кафолати ҳисобланади, дейилади хабарда.
«Марказсаноатэкспорт» компанияси Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги тизимида асос солинган тижорат ташкилотидир. У экспорт соҳасида ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш ва Ўзбекистоннинг истиқболли лойиҳаларига хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида ташкил қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Россия бир йил муддатга АҚШ, Евроиттифоқ мамлакатлари, Канада, Австралия ва Норвегиядан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, хомашё ва озиқ-овқат келтиришни тақиқлаб қўйди.
Изоҳ (0)