Собиқ футболчи Девид Бекҳэм, Бен Аффлек ва Женнифер Гарнер юлдузлар оиласи, шунингдек, Том Круз, Эштон Катчер, Хайден Панеттьери ва Роберт Паттинсон сингари машҳурлар Ice Bucket Challenge акцияси иштирокчиларига айланди. Бу ҳақда «Сегодня» хабар бермоқда.
Америкалик актёр Аффлек муздек сувга чўмилиб, телебошловчи Жимми Киммел, актёр Нил Патрик Харрис, дўсти Мэтт Деймон ҳамда турмуш ўртоғи, актриса Женнифер Гарнерга чақирув йўллади. Бен Аффлек акция ҳақида сўзлаётган нутқини якунлашга улгурмади: унинг турмуш ўртоғи югуриб келиб, Беннинг устидан сув қуйиб юборди. Буни кутмаган актёр аёли билан бирга бассейнга сакради.
Америкалик актёр Том Круз эса «Миссия невиполнима 5» фильмининг режиссёри Кристофер МакКуорри билан саккиз челак муздай сувда чиниқди.
Собиқ футболчи Девид Бекҳэмни Ice Bucket Challenge’да иштирок этишга теле- ва радиобошловчи Райан Сикрест таклиф қилди. 39 ёшли Девиднинг устидан катта бочкада муздай сув қуйишди.
Америкалик актёр, бошловчи ва продюссер Эштон Катчер «муздек душ»ни актёр Уилмер Вальдеррама билан ҳамкорликда қабул қилди. Улар бир-бирининг устида муз бўлаклари солинган идишни ағдарди.
Яна бир америкалик актриса Хайден Панеттьери ҳомиладор бўлишига қарамай, Кейси Масгрэйвс, Владимир Кличко ва бўлажак фарзандига чақирув йўллаган ҳолда муздек сувга чўмилди.
Америкалик қўшиқчи ва актёр Зак Эфрон акцияга британиялик актёр Роберт Паттинсонни чорлади. Робертнинг устидан муз тўла идишни ағдариб, резина ичакда сув сепишди.
Эслатиб ўтамиз, Ice Bucket Challenge акциясига кўра, машҳур инсонлар ўз устидан муздек сув қуйиб, дўстларига шундай қилишни ёки хайрия жамғармасига пул ўтказишни таклиф қилиши лозим. Хайриядан тушадиган маблағ амиотрофик склероз — Лу Гериг касаллигига чалинганларга сарфланади. Бу касаллик одамнинг бош мия тизимига таъсир қилиб, кейинчалик фалажликка олиб келиши мумкин.
Изоҳ (0)