Эрон Ўзбекистонга йилига 1 миллион тонна Эрон нефтини янги транспорт коммуникациялари орқали етказиб беришни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Али Мардоний Фард сўзларига таяниб, «Новый век» хабар берди.
«Мос келувчи транспорт инфратузилмаси бўлган тақдирда биз Ўзбекистон нефтни қайта ишлаш соҳаси учун бир миллион тоннагача нефть етказиб беришимиз мумкин», — деди элчи.
Август ойи бошида Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон ва Уммон ташқи ишлар вазирлари «Марказий Осиё — Форс кўрфази» транспорт коридори ҳақидаги келишувнинг кучга кириши бўйича ҳамжиҳатлик тўғрисида меморандум имзолаган. Ушбу келишувнинг ўзи 2011 йилда тузилган.
Транспорт-транзит коридорининг бир қисми Ўзбекистон, Туркманистон ва Эронни боғловчи темир йўл бўйлаб, яна бир қисми Эроннинг Бендер Аббос ва Чоғбаҳор портларидан Уммон портларигача бўлган денгиз йўли бўйлаб ўтади.
Изоҳ (0)