«Тошкентшаҳаргаз» бошқармаси томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида иккита юқори босимли газ қувури барпо этилмоқда. Мазкур газ қувурлари Бектемир ва Учтепа туманларининг газ таъминотини янада яхшилашга хизмат қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Бугунги кунда пойтахтда табиий газдан 10 мингдан ортиқ юридик шахс ва 580 минг маиший истеъмолчи фойдаланади. Соҳа мутахассисларининг тасдиқлашича, куз-қиш даврида шаҳардаги учта газ тақсимлаш станциясининг умумий ўтказиш қуввати суткасига 18—22 миллион куб метрга етади.
«Тошкентгазтаъминот» унитар корхонаси ҳузуридаги «Тошкентшаҳаргаз» филиали бошлиғи ўринбосари Т.Солиевнинг таъкидлашича, куз-қиш даврида ҳаво ҳароратининг пасайиши билан шаҳар газ таъминоти тизимига тушадиган юклама кескин ошади. Шаҳар газ таъминоти ташкилотларида амалга оширилаётган изчил ишлар мавсумга ҳар томонлама ва пухта тайёргарлик кўришни таъминламоқда.
Жумладан, 180 километрлик газ қувурини синовдан ўтказиш ва ҳаво билан тозалаш ишлари амалга оширилиб, 874 километрдан ортиқ газ тармоғи текширилди. Бу газ қувурлари ҳолатини баҳолаш аниқлигини ошириш имконини берди. 10 километрдан зиёд газ тармоғи капитал таъмирланди. Мазкур жараёнда ишдан чиққан қувурларни тиклаш бўйича инновацион технология қўлланилди. 1,8 мингдан ортиқ ўрта ва юқори босимли газ тақсимлаш пункти тафтиш ва профилактика қилинди.
Пойтахт аҳолисини «зангори олов» билан узлуксиз таъминлашда Бектемир тумани Бинокор аҳоли пункти ҳамда Учтепа тумани Ўрикзор ва Кўксарой маҳаллаларидаги янги юқори босимли газ қувурлари муҳим ўрин тутади. Айни пайтда Бектемир туманида узунлиги уч километрлик газ қувурини барпо этиш ишлари якунига етказилмоқда. Тез орада қурилиши бошланадиган иккинчи газ қувури икки километрдан ортиқ масофага чўзилади.
Изоҳ (0)