Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳолининг сифатли дори воситаларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида «Дори-дармон» акциядорлик компанияси томонидан махсус жиҳозланган 50 та «Damas» автомашинасида кўчма дорихона ташкил этилиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга етказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Бугунги кунда 140 дан ортиқ фармацевтика корхонасида тиббиётнинг турли тармоқларида қўлланиладиган 1700 га яқин номдаги дори воситаси, тиббий буюм ва жиҳозлар ишлаб чиқарилмоқда.
«Дори-дармон» компанияси таркибида саккизта акциядорлик жамияти, 10 та шўба корхонаси, 17 та дори сақланадиган омборхона, 15 та назорат-таҳлил лабораторияси ҳамда 1350 га яқин дорихона фаолият юритмоқда. Бу дорихоналарнинг 70 дан кўпроғи қишлоқ жойларда, жумладан, 707 таси қишлоқ врачлик пунктларида жойлашгани қишлоқ аҳолисининг замонавий тиббий ёрдамдан баҳрамандлик даражасини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Фарғона вилоятида бешта кўчма дорихона аҳолига хизмат кўрсатишни бошлади. Вилоятда қишлоқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Фарғона вилояти «Дори-дармон» очиқ акциядорлик жамияти томонидан қишлоқ ҳудудларида 168 та дорихона шохобчаси аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
«Соғлом бола йили» Давлат дастури доирасида ташкил этилган кўчма дорихоналар хизматидан Данғара туманининг Чинобод қишлоғи аҳли ҳам фойдалана бошлади. Кўчма дорихоналарда савдони амалга ошириш учун назорат касса машинаси, тўлов терминали ўрнатилгани аҳолига қулайлик яратмоқда.
Изоҳ (0)