Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан 2014 йилнинг 10 августидан 10 сентябригача Ўзбекистонда жами 1885 та мактаб ярмаркалари ташкил этилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлигининг ахборот хизматига асосланиб, «Кун» хабар берди.
Мактаб ярмаркаларининг 979 таси умумий ўрта таълим мактабларида (2 846 665 нафар ўқувчига мўлжалланган), 232 таси академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида (1 548 080 нафар ўқувчи учун), 398 таси аҳоли гавжум бўлган бозорларда, 276 таси эса йирик савдо мажмуаларида (жами 1 697 989 нафар ўқувчи учун) ташкил этилади.
Қайд этилишича, олис ва бориш қийин бўлган тоғли ҳамда чўл ҳудудларга 130 та кўчма автодўкон хизмат кўрсатади.
Ўзбекистондаги барча мактаб ярмаркаларида 26 турдаги зарурий ўқув қуроллари ва жиҳозлари сотуви ташкил этилади. Булар: ўқувчи дафтари, умумий дафтар, кундалик дафтари, расм дафтари, ручка, портфел (ранец), чизғич, циркул, акварел бўёқлари, рангли қаламлар, фломастер, ватман қоғози, ўчирғич, пластилин, елим (клей), рангли қоғоз, қалам йўнғич, қаламдон (пенал), нота дафтари, идора дафтари, туш, оддий ва рангли бўр, бархат қоғоз, қиз болалар ва ўғил болалар учун поябзаллар, болалар спорт кийимлари.
Мазкур маҳсулотларнинг аксарият қисми Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бўлиб, ҳозирда 6 миллион нафар ўқувчи учун эҳтиёжлар захираси шакллантирилмоқда.
Ярмаркаларда савдо ишларини амалдаги солиқ ва банк қонунчилигига тўлиқ риоя қилган ҳолда ўтказиш ҳамда аҳолига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида савдо ташкилотлари ва хусусий тадбиркорлик субъектларида 1885 та барча турдаги тўлов терминаллари (UZKART, Visa, онлайн) ўрнатилиши белгиланган.
Изоҳ (0)