Норвегиянинг Тромсе шаҳрида ўтаётган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси учинчи турда бразилиялик шахмат усталари билан баҳс юритиб 3,5:0,5 ҳисобида зафар қучди. Ушбу баҳсда Антон Филиппов, Марат Жумаев ва Жаҳонгир Воҳидовлар рақибларини мағлуб этган бўлса, Рустам Қосимжонов дурангга имзо чекди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси хабар бермоқда.
Эътиборлиси, эркаклар терма жамоаси шу кунга қадар ўтказилган уч турнинг барчасида ғалаба қозониб, юз фоизлик натижа билан зафарли одимлашда давом этмоқда. Эслатиб ўтамиз, биринчи турда, Кипр интеллектуалларидан 3,5:0,5 ҳисобида устун келган ўзбекистонлик спортчилар иккинчи турда Дания терма жамоасини 2,5:1,5 ҳисоби билан мағлуб этди. Бугун улар Германия термасига қарши дона суради.
Ўзбекистон аёллар терма жамоаси эса учинчи турда Сербия термасига 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Сарвиноз Қурбонбоева ва Моҳинур Қаҳрамоновалар дуранг натижани қайд этган бўлса, Севара Боймуродова ва Олга Собирова мағлубиятга учради. Бугун Ўзбекистоннинг аёллар терма жамоаси Шотландия термаси билан куч синашади.
Изоҳ (0)