Twitter микроблоглар тармоғи 2014 йилнинг иккинчи чорагида кўрган даромади ва тармоқ ҳақидаги маълумотларни эълон қилди. Бу ҳақда TechCrunch маълумотига асосланиб «Пароль» нашри хабар берди.
Иккинчи чорак якунларига кўра, Twitter 312 миллион доллар даромад кўрган. Бу кўрсаткич ўтган чоракда 250 миллион долларга тенг бўлган эди. Ўтган йилнинг иккинчи чорагига нисбатан жорий йилда компания даромади 124 фоизга ошган. Тармоқнинг кўрган фойдаси эса 54 миллион долларни ташкил этган.
Компания ҳисоб-китобига кўра, бугунги кунда Twitter’нинг ойлик фойдаланувчилари сони 271 миллионга етган. Ўтган чоракда Twitter фойдаланувчилари ойига 255 миллионни ташкил қилар эди. Бир йил ичида тармоқ фойдаланувчиларининг сони 24 фоизга ошган.
Twitter’нинг мобил версиясидан ойига 211 миллион киши фойдаланади. Бу кўрсаткич эса ўтган чоракка нисбатан 29 фоизга ошган. Шунингдек, Twitter’нинг рекламадан кўраётган даромадининг 81 фоизи мобил версиядаги рекламаларга тўғри келади.
Изоҳ (0)