Украина Президенти Пётр Порошенко мамлакатни қўллаб-қувватловчи давлатлар коалициясини АҚШ бошқариши керак деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда Washington Post нашрига таяниб, Segodnya.ua хабар берди.
Порошенко, шунингдек, йўловчи самолётни уриб туширгани учун АҚШ Россиянинг турли иқтисодий соҳаларига жиддий таъсир қилувчи санкциялар киритиши лозим экани ва бу борада Европанинг ҳам АҚШдан ўрнак олиб, ўзининг санкцияларини киритиши зарурлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, президент Украинанинг давлат чегараларини ҳимоялаш, коррупцияга қарши кураш, мамлакатдаги энергетика сиёсатини ислоҳ қилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасини либераллаштиришда АҚШнинг ёрдамидан фойдаланмоқчи эканини қўшимча қилди. Хусусан, АҚШдан табиий газнинг етказиб берилиши Украинанинг Россияга тобелигини камайтириши мумкин.
Айни дамда, АҚШ ва Канада Жаҳон банки томонидан Россияга кредит ва сармоя ажратиш лойиҳаларини тўхтатиб қўймоқчи. Евроиттифоқ эса Россия Федерациясининг субъекти бўлган Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров билан бирга яна 14 нафар россиялик ва украиналикка қарши санкция киритди.
Ҳозирда АҚШ Украинага NATOнинг иттифоқдоши мақомини бериш имконини кўриб чиқмоқда.
Изоҳ (0)