25 июлда Тошкентдаги Олимпия шон-шуҳрати музейида ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов ва ён қанот ҳаками Абдуҳамидулло Расуловни тақдирлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Кун» хабар беради.
Std.uz нашри бош муҳаррири Олимхўжа Бўроновнинг ўз твиттерида маълум қилишича, рағбатлантирувчи совға сифатида Равшан Эрматовга Malibu, Абдуҳамидулло Расуловга эса Orlando автомобили топширилади.
ЎФФ матбуот котиби Санжар Ризаевнинг сўзларига кўра, тақдирлаш маросимидан сўнг ФИФА ҳакамлари уйга янги автомобилларда кетиши мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, ФИФА рефериси Равшан Эрматов ўз бригадаси билан Brazilияда бўлиб ўтган ЖЧ — 2014’нинг тўртта ўйинида ҳакамлик қилди. 2010 йили ЖАРда бўлиб ўтган мундиалда Эрматов бешта ўйинда ҳакамлик қилганди.
Икки мундиал якунига кўра, унинг ҳакамлик қилган ўйинлари сони тўққизтага етиб, ушбу кўрсаткич бўйича у жаҳон футболи рекордини ўрнатди.
Маълумот учун, ЖЧ — 2010’да Эрматовга қанотларда ўзбекистонлик Рафаэль Илёсов ва қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоров, ЖЧ — 2014’да эса ўзбекистонлик Абдуҳамидулло Расулов ва қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоров ёрдам берган.
Изоҳ (0)