Халқаро тизим маъмурлари (система администраторлари) куни (СААД) ҳар йили июль ойининг сўнгги жумасида нишонланади. Бу йилги СААД 25 июлга тўғри келди, деб хабар бермоқда «РИА Новости».
Мазкур байрамни 20 йиллик тажрибага эга америкалик тизим маъмури Тед Кекатос ўйлаб топган. Тед журналда HP принтерлари рекламасида тасвирланган фойдаланувчиларнинг ўрнатилган принтерлар учун тизим маъмурига миннатдорчилик тариқасида совға беришга навбат кутаётганини кўргандан сўнг, тизим маъмурлари кунини нишонлаш ғоясига келган.
Тед SysAdminDay.com доменини рўйхатдан ўтказиб, сайт очади ва ўзининг ўнлаб дўстларини июлнинг сўнгги жумасида ўтказилиши кутилган тизим маъмурлари кунига таклиф қилади.
Тизим маъмурлари куни илк бор 2000 йил 28 июль куни нишонланиб, унда дастурий таъминот билан шуғулланувчи компания мутахассислари Чикаго чеккасида кичик байрам уюштирган. Шундан бери ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларида мазкур кун байрам тариқасида нишонланади.
Жумладан, россиялик тизим маъмурлари ўз байрамларини Калуга шаҳри яқинида ўтказиладиган Бутунроссия тизим маъмурлари йиғинида нишонлайди. Бу йил Калуга вилоятида 25—27 июль кунлари маъмурлар форуми — IT Campus бўлиб ўтади. Лойиҳа давомида турли маърузалар, мастер-класслар ўтказилиши кутилмоқда.
Маълумот учун, тизим маъмурининг вазифалари ташкилотнинг компьютер техникаси ва тармоғини бошқаришдан иборат.
Изоҳ (0)