Буюк Британия қироличаси Елизавета II’нинг Эстимейт номли пойгачи оти организмидан тақиқланган морфий наркотик моддаси топилгани учун қиролича 140 минг долларлик жаримага тортилиши мумкин. Бу ҳақда ИТАР-ТАСС хабар берди.
Қиролликнинг бош отбоқари Жон Уоррен морфийнинг от организмига ем-хашак билан тушган бўлиши мумкинлигини айтиб, айни дамда озуқа етказиб берадиган фирма билан наркотик модданинг қандай қилиб озуқа орасига тушиб қолганини аниқлаш учун боғланаётганини таъкидлади.
Ўтган сешанба куни бешта отнинг танасида морфий бўлгани, уларнинг орасида қироллик отхонасининг юлдузи ҳисобланган тўрт ёшли Эстимейтнинг ҳам борлиги ҳақида хабар тарқалди. Таҳлил ишлари бир неча ҳафта аввал Лондон яқинидаги Аскот отчопаридан сўнг бошланган эди.
Пойгалар бўйича Британия бошқармаси (ПББ) мутахассиси Эстимейтнинг келаси ҳафтада ўтказилиши кутилаётган пойгаларда қатнашишини айтди. «Барча қироличанинг жаримага тортилишини айтмоқда. Бироқ от дисквалификация қилинмайди», — деди мутахассис Жонатан Саммерс.
Одатда, отларга наркотик сингари тақиқланган кимёвий моддаларни берувчи отбоқарлар маъмурий ва молиявий жазога тортилади. Айрим ҳолларда отлар ҳам пойгалардан дисквалификация қилинади.
Изоҳ (0)