Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньш Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи давомида Тошкентда кўрсатилган иззат-икром учун ўзи ва делегацияси номидан миннатдорчилик мактубини йўллади. Мактуб 22 июль куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг расмий сайтида эълон қилинди.
Андрис Берзиньш икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш тўғрисидаги музокараларнинг давом эттирилганидан мамнун бўлганини таъкидлаб, мазкур ташриф ва Ислом Каримовнинг ўтган йил октябрь ойида Латвияга расмий ташрифи турли соҳалардаги Латвия — Ўзбекистон ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва чуқурлаштиришда муҳим омил бўлганига ишонч билдирди.
«Мамлакатларимиз тадбиркорларининг ўзаро иқтисодий алоқаларимизни мустаҳкамлашда катта аҳамият касб этадиган саъй-ҳаракатларидан ҳамда таълим соҳасидаги ҳамкорлик самаралари ривожланиб бораётганидан ғоят мамнун бўлганимни алоҳида таъкидламоқчиман», — дейилади мактубда.
Ташаккурнома орқали Латвия раҳбари Марказий Осиё мамлакатларининг жаҳон иқтисодиётига, шунингдек, умумий хавфсизлик ва барқарорлик кафолатлари мустаҳкамланишига таъсири тобора ортиб бораётганлиги боис музокараларда минтақа истиқболига алоҳида эътибор қаратилганидан хурсанд бўлганини маълум қилди.
Шунингдек, Андрис Берзиньш транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланиб боришига ва унинг манфаатли ҳамда минтақалараро салмоқли лойиҳаларда ўз ифодасини топишига ишонч билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньш Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан 27 май куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келган эди.
Изоҳ (0)