Колумбиялик поп-юлдуз Шакира Facebook ижтимоий тармоғидаги мухлислари сони 100 миллиондан ошган биринчи шахс бўлди. Бу ҳақда Ал-Арабия телеканалига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
Турли тилларда қўшиқ куйлайдиган Шакира мухлислар сони бўйича Эминем (91,9 миллион) ва Рианна (89 миллион)дан ошиб кетди.
Қўшиқчи, айниқса, Brazilиядаги мундиал вақтида ижтимоий тармоқнинг фаол фойдаланувчиларидан бўлиб, ЖЧ стадионларида суратга олган кўплаб фотолавҳаларини жойлаб борган. Улар ичида Рио-де-Жанейродаги «Маракана» стадионида олинган фотосурат энг кўп — 3,5 миллиондан кўпроқ «лайк» тўплаган.
Facebook’нинг асосчиси ва бош раҳбари Марк Цукерберг Шакирани шундай катта миқдорда обуначилар тўплагани билан табриклади. Қўшиқчи эса, ўз навбатида, Facebook ҳақида илиқ фикрлар билдирди. «Ижтимоий тармоқлар, хусусан, Facebook мен каби бошқа санъаткорларга ҳам саҳна ва мухлислар орасидаги бўшлиқни йўқотишга ёрдам берди», — деди юлдуз.
Шунингдек, у ўз мухлисларига ажратган эътиборлари учун миннатдорчилик билдирди ва уларга бағишланган махсус видео тайёрлаб, Facebook’даги саҳифасига жойлади.
Эслатиб ўтамиз, 13 июль куни Жаҳон чемпионатининг ёпилиш маросимида Шакира ўзининг «Ла ла ла (Brazil 2014)» таронаси билан мухлисларни хушнуд этди.
Изоҳ (0)