Жонли куйланган, видеоси ҳаваскорлик даражасида суратга олинган «Айрилдик-ку бизлар» қўшиғи билан Узнетда машҳур бўлиб кетган Умиджон Шерматов ўз мухлисларига мурожаат қилди. Ҳаваскор хонанданинг видеомурожаати Mover.uz сервисига жойлаштирилган, деб ёзади «Кун».
Умиджон Шерматов уни қўллаб-қувватлаган барча мухлисларига миннатдорчилик билдириб, биринчи қўшиғи жонли куйлангани билан, баъзи камчиликлари борлигини ҳам тан олган.
«Илоҳим бахтимга соғ бўлинглар! Янги қўшиқни кутиб қолинглар!», – дейди Умиджон Шерматов ўз видеомурожаатида. Янги қўшиқ қачон, қаерда чиқиши ҳақида ҳаваскор хонанда маълумот бермаган.
Нашрнинг эслатишича, Умиджон Шерматов «Айрилдик-ку бизлар» номли қўшиқ куйлагани ҳақида интернет-нашрлар орасида биринчи бўлиб iLike.Uz сайти хабар берганди. «Овоз муҳаррири ва яхши телефон ёрдамида интернет юлдузига айланишнинг ёрқин мисоли», – деб таъриф берганди ўшанда Умиджон Шерматовнинг биринчи «клипи»га.
Интернет ҳамжамияти қўшиқдаги сўзлар орасида нақоратидаги алоҳида урғу бериб айтиладиган «Нега» жумласига айниқса катта эътибор қаратди, ушбу сўз ва умуман қўшиқ муаллифи интернетдаги кўплаб мемларнинг қаҳрамонига айланди.
Маълумот учун, YouTube’даги Sayyod каналида «Айрилдик-ку бизлар» клипи 10 минг мартадан кўп, Mover.uz’да эса 18 минг мартадан кўп кўрилган.
Изоҳ (0)