19 июль, шанба куни Тошкент ҳайвонот боғи ходимларининг кўз ўнгида 13 ёшли ўсмир бола туяқушлар қафасига пластик стакан ташлади. Ходимлар чора кўришга улгурмай, туяқушлардан бири стаканни ютиб юборди. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар берди.
Муассаса мутахассисларининг айтишича, бундай ҳолатларда эримайдиган буюмлар (ҳатто полиэтилиннинг бўлаклари) хайвон ичагига тиқилиб қолади. Бир неча кун ўтиб, туяқушнинг иштаҳаси йўқолади. Бир ҳафтадан сўнг эса ўрнидан тура олмайдиган даражада ҳолсизланиб, охири очликдан ҳалок бўлади. Стаканни ютиб юборган айнан бу туяқушга нима бўлиши ҳозирча аниқ эмас.
Пластик буюмни қафасга ташлаган ўсмирнинг ота-онаси 40 минг сўм атрофида жарима тўлайди.
Ҳайвонот боғи маъмурияти ноёб қуш ва ҳайвонларни қоидабузарлардан ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўрмоқда. Бироқ содир бўлган ҳодиса бу чораларнинг ҳар доим ҳам ёрдам бера олмаётганини кўрсатмоқда.
Изоҳ (0)