Исроил армиясининг Ғазо секторига томон артиллерия ва авиация ҳужумлари шанба куни ҳам тўхтамади. Бу ҳақда Euronews хабар берди.
Беш кундан буён давом этаётган «Мудофаа чегараси» операцияси натижасида 120 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, 600 нафари жароҳатланди. Бироқ исроилликлар Ғазо секторидан Исроил томон учирилаётган ракеталарни тўхтата олмаяпти.
Исроил армиясининг маълум қилишича, ҲАМАС ва «Ислом жиҳоди» ташкилотлари томонидан сўнгги беш кун ичида 660 та ракета ва миномёт снарядлари учирилган.
Исроил ҳарбийларининг сўзига кўра, армиянинг шанба кунги ҳужуми ҲАМАС ҳаракати етакчиларининг уйи ва масжидларга йўналтирилди.
Ҳозирча халқаро ҳамжамият томонидан икки тарафга юборилган тинчланиш ҳақидаги мурожаатлар фойда бермади.Бош вазир Бинямин Нетаняҳу халқаро ҳамжамиятнинг отишмаларни тўхтатиш учун босим ўтказишига йўл қўймаслигини айтди. Ғазо сектори раҳбари, ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳания ҳам ярашиш фикрини рад этди.
Қувайт муаммонинг ечимини топиш ниятида душанба куни Араб давлатлари лигасининг аъзоларини ташқи ишлар вазирлари доирасида фавқулодда саммит ўтказишга чақирди.
Изоҳ (0)