Жаноби Олийлари!
Римга қайтганимдан сўнг, 2014 йилнинг 5—6 июнь кунлари «Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари» мавзусидаги халқаро конференция муносабати билан Ўзбекистонга ташрифим давомида кўрсатилган ҳурмат-еҳтиром ва юксак меҳмондўстлик учун Сизга чин дилдан самимий миннатдорлик изҳор этиш менга қувонч бағишлайди.
Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) ваколатхонаси очилиши тўғрисидаги битимни тайёрлаш жараёнидаги самарали ҳамкорлик учун ФАО томонидан чуқур миннатдорлик билдираман. Бу ўзаро ҳамкорлигимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Сиз билан учрашиш, ўзаро манфаатли масалалар, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлиги ва сифатли овқатланиш, шунингдек, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга доир масалаларни муҳокама этиш имкониятига эга бўлганимдан мамнунман. Ўзбекистоннинг озиқ-овқат мустақиллигини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ва мамлакатингизнинг қишлоқ хўжалиги ва экспорт соҳасидаги улкан салоҳияти аҳолини етарли миқдорда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш имконини бераётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу Ўзбекистонда соғлом ва баркамол авлод келажагининг кафолатидир.
Сиз конференциядаги нутқингизда эслатиб ўтган тараққиётнинг Ўзбекистонга хос йўли — муҳим беш тамойилга асосланган «ўзбек модели» ҳақида маълумот олганим мен учун ғоят фойдали бўлди. Ташриф давомида ушбу тамойиллар муваффақиятли амалга оширилаётгани билан бевосита танишиш имконига эга бўлганимдан мамнунман.
Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, пухта ўйланган қишлоқ хўжалиги амалиётини қўллаш, иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини ФАО ҳамиша қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидламоқчиман.
Сизга ФАОни доимо қўллаб-қувватлаб келаётганингиз учун миннатдорлик билдираман. Ўзбекистон Республикаси билан ФАО ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик янада кенг ривожланишига қатъий ишонаман.
Жаноби Олийлари, самимий миннатдорлигим ва чуқур ҳурматимни қабул қилгайсиз.
Жозе Грациану да СИЛВА, ФАО Бош директори
Изоҳ (0)