Дунёдаги энг баланд бино — Бурж Халифа жойлашган Дубайда яна бир рекорд ўрнатадиган иншоот қурилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Daily Mail хабар қилади.
Ушбу лойиҳа шаҳарда дунёдаги энг катта савдо марказини қуриш бўлиб, иншоотнинг ичида иқлими назорат қилинадиган кўчалар, боғ ҳамда юзлаб меҳмонхона ва уйлар бўлиши кутилмоқда.
Иншоотда иқлимнинг назоратга олиниши йил бўйи туристларни жалб қилиш учун ёрдам беради. БАА бош вазири Шайх Муҳаммад бин Рашид Ал Мактумнинг айтишича, ушбу лойиҳа Дубайни маданий ва иқтисодий марказга айлантиради.
Улкан иншоот аввал Дубайда мавжуд бўлган энг катта савдо марказларидан бирининг олдига қурилиб, у 828 метрлик Бурж Халифа биносига ҳам яқин бўлади.
«Туризм мамлакат иқтисодининг асосий қисмини ташкил этади. Шу сабабли, йил бўйи саёҳатчилар оқимини йўлга қўйиш мақсадида ёзнинг иссиқ ойларида иқлимни назоратга оламиз», — деди Шайх Муҳаммад.