Бугун 5 июль куни Равшан Эрматов Бразилияда давом этаётган Жаҳон чемпионатида ўзининг тўртинчи ўйинини бошқаради. Чорак финал доирасидаги Голландия — Коста-Рика учрашувида ҳакамлик қиладиган ўзбекистонлик ҳакам учун бу рекорд қайд этилган ўйин бўлади, деб ёзади «Olamsport».
Тунги учрашувдан сўнг Ерматов 9 та матч билан жаҳон чемпионатларида энг кўп ўйинни бошқарган реферига айланади. Бундай кўрсаткич билан у Жоэл Киню (Франция), Хорхе Ларрионда (Уругвай) ва Бенито Арчундиа (Мексика)лар рекордидан ўзиб кетади.
Эрматовга қанотларда Абдуҳамидулло Расулов ва Баҳодир Қўчқоров ёрдам беради. Захира ҳаками вазифасини эса кот-дъивуарлик Нумандез Дуэ бажаради. Голландия — Коста-Рика ўйини чорак финал жуфтликлари орасида сўнггиси бўлиб, у 5 июлдан 6 июлга ўтар кечаси соат 01:00 да (Тошкент вақти билан) бошланади.
Эслатиб ўтамиз, бунгача Равшан Эрматов Швейцария — Еквадор (1-тур), Хорватия — Мексика (3-тур) ҳамда АҚШ — Германия (3-тур) ўйинларини бошқарган.
Изоҳ (0)