Германия терма жамоаси Жаҳон чемпионати чорак финалида Францияни минимал ҳисобда мағлуб этди ва ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Дешам шогирдлари тартибли немисларга қарши ҳеч нарса қила олмади.
Германия ўйиннинг 13-дақиқасида «стандарт»дан ҳисобни очди. Тони Кроос жарима тўпни рақиб дарвозабон майдончаси томон етказди ва Матс Хуммельс бош билан дарвозани ишғол қилди. Тўп аввал дарвоза тўсинига тегиб, кейин тўрга бориб тушди.
Немислар бу ўйинда умуман ортиқча таваккал қилишмади. Тўпни назорат қилишди, пайт пойлашди ва имкон бўлган пайтда олдинга ўтишди. Франция эса бутун ўйин давомида яққол голга тортадиган вазият ярата олмади. Тўғри, Дешам шогирдлари Германия дарвозаси томон зарбаар беришди. Аммо у зарбаларнинг барчасини Нойер бартараф этди. Айниқса, учрашувга қўшиб берилган 4 дақиқанинг сўнгисида Бенземанинг яқин масофадан йўллаган зарбасини Мануэль қайтарди ва жамоасининг ғалабасини сақлаб қолди.
Йоахим Лёв шогирдлари ўйин тақдирини эртароқ ҳал қилиб қўйишлари мумкин эди. Аммо захирадан тушган Андре Шюррле икки марта жуда қулай вазиятдан фойдалана олмади.
Шу тариқа, Германия терма жамоаси биринчи бўлиб ярим финал йўлланмасига эга бўлди ва чемпионлик учун курашни давом эттиради. Ўтган ЖЧда гуруҳдан чиқа олмаган Франция эса бу сафар чорак финалдан ортга қайтадиган бўлди.
Изоҳ (0)