BM Store’нинг қайта тикланган Facebook’даги саҳифасига маъмурият томонидан «Ёз Samsung ва BM Store билан» номи остида ўтказилган танлов ҳақида хабар жойланди. Унга кўра, Тошкентдаги BM Store онлайн-дўкони Дубайдан — онлайн-дўконнинг бош офисидан танловга доир барча маълумотларни етказиб бериш ҳақида буйруқ олган.
Дубайдаги маъмурият 3 июль куни танлов жараёнларини ўрганиб чиқиш учун ҳуқуқшунос ва техник мутахассислардан иборат комиссия тузди. Танловнинг қатъий якуний натижалари барча манбалар комиссия томонидан текшириб чиқилгач, 10 кун ичида эълон қилинади, деб хабар қилди BM Store’нинг Тошкентдаги маъмурияти.
Facebook фойдаланувчиларининг норози кайфиятда жойланган изоҳларига жавобан BM Store маъмурияти бундай танлов Тошкентда илк бор ўтказилгани ҳамда айрим техник носозликлар туфайли тушунмовчилик юзага келгани ҳақида хабар жойлади.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда фаолият юритувчи BM Store онлайн-дўкони 25—30 июнь кунлари ўтказган танловда Антон Ким ғолиб бўлган эди. Бироқ танловнинг ғолиби 1 июль 18:00 га келиб ўзгариб қолган. Бу эса Facebook фойдаланувчилари орасида катта шов-шувга сабаб бўлди.
Натижада BM Store Facebook’даги 5000 дан ортиқ аъзоси бўлган ўз саҳифасини ўчириб ташлади. Саҳифага киришга уринганда BM Store саҳифаси ўрнига Facebook бош саҳифаси очилаётган эди.
BM Store маъмурияти фойдаланувчилардан Facebook’даги саҳифанинг вақтинча ёпиб қўйилгани учун узр сўраб, унинг яна ишга тушганини айтди.
Изоҳ (0)