АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги (МХА) жаҳоннинг 193 мамлакатида кузатув (разведка) ишларини олиб бориш учун суд рухсатномасига эга бўлган. Бу ҳақда, МХАнинг собиқ ходими Эдвард Сноуден томонидан ошкор этилган маълумотларга асосланиб, The Washington Post хабар бермоқда.
«Кун»нинг ёзишича, МХА Буюк Британия, Канада, Австралия ва Янги Зеландиядан бошқа барча мамлакатлардан, хусусан, Ўзбекистон тўғрисидаги барча ахборотларни тутиб олиш ҳуқуқига эга бўлган. Буюк Британия, Канада, Австралия ва Янги Зеландия билан эса АҚШнинг алоҳида, тегишли шартномалари мавжуд.
МХАга ушбу фаолият билан шуғулланиш учун рухсатномани АҚШнинг хорижий разведкалар фаолиятини назорат қилиш бўйича суди берган. Ушбу ҳужжатда 193 та мамлакат, жумладан, Ўзбекистон ҳам кўрсатилган бўлиб, уларга Америка махсус хизматлари томонидан «ҳаққоний» қизиқиш уйғониши мумкинлиги қайд этилган.
Хабар беришларича, МХАга Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Европа Иттифоқи ва МАГАТЕ ҳақида ҳам разведка ахборотларини тўплаш ҳуқуқи берилган. Газетанинг қайд этишича, агентлик ушбу нишонлар бўйича кузатувлар олиб бориш учун қонуний ҳуқуққа эга бўлган бўлса-да, ҳар доим ҳам бу ҳуқуқдан фойдаланмаган.
The Washington Post’нинг ёзишича, МХА вакиллари суднинг ушбу қарори рост-ёлғонлиги юзасидан изоҳ беришдан бош тортди.
Изоҳ (0)