2014 йилнинг 19—20 июнь кунлари Тошкент Ислом институтининг мажлислар залида «Умра — 2014» Рамазон мавсумини намунали ташкил этиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва гуруҳ раҳбарлари иштирок этди, дея хабар беради Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий сайти.
Йиғилишда умра зиёратчиларига ҳар томонлама шарт-шароитлар яратиш мақсадида керакли кўрсатмалар берилди. Шунингдек, гуруҳ раҳбарлари умра зиёратчилари учун тайёрланган араб тили бўйича қўлланма ҳамда Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги тартиб-қоидалар билан таништирилдилар.
2014 йилнинг Баҳор ва Рамазон мавсумларида 6400 нафар фуқаро умра сафарига юборилиши мўлжалланган эди. Шулардан 5730 нафари баҳор қолган 670 нафари (куннинг жуда исиб кетишини ҳисобга олиб) Рамазон мавсумида юборилиши белгиланди. Ҳозирги кунда 670 нафар зиёратчилар ҳужжатлари Саудия Арабистонининг Тошкентдаги элчихонасига расмийлаштириш учун киритилмоқда.
Ўзбекистонлик зиёратчилар учун Мадина шаҳрида «Масжид ан-Набавий» билан ёнма-ён жойлашган «Нур Мавадда», Макка шаҳрида эса Ҳарамдан 1500—2000 метр узоқликдаги «Нама Мавадда» меҳмонхоналари ижарага олинган.
Меҳмонхоналарда ҳожилар учун 24 соат давомида иссиқ чой, ҳар бир қаватда зам-зам сувлари ҳамда ҳўл мевалар бурчаги ташкил этилади.
Фуқаролар соғликларини доимий назорат қилиб туриш мақсадида меҳмонхоналарда минишифохона фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, зиёратчилар доимий равишда кундузги ва тунги кўриклардан ўтказиб турилади.
Зиёратчилар учун Саудиядаги меҳмонхоналарда сунъий йўлдош орқали Ўзбекистон телевидениеси дастурларини томоша қилиш имконияти яратилади.
Ҳожиларни Саудия Арабистонида кутиб олиш, кузатиш ва уларга қулай шароитлар яратиш ишлари Жиддадаги Бош консуллик таркибида жорий этилган «Ҳаж» ва «Умра» масалалари бўйича атташе билан ҳамкорликда ташкил этилиши айтиб ўтилди.
Йиғилиш сўнгида гуруҳ раҳбарлари томонидан берилган саволларга масъуллар томонидан жавоблар қайтарилди. Ўқув семинари якунида гуруҳ раҳбарлари тест синовларидан ўтказилди.
Изоҳ (0)