Ўзбекистон пиллакорлари 26 минг тонна пилла тайёрлаб, йиллик шартнома мажбуриятини муваффақият билан бажарди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан маълум қилишларича, бу йилги мавсумда пиллакорлар «Ипакчи-1», «Ипакчи-2», «Ўзбекистон-5», «Ўзбекистон-6» каби серҳосил, иқлим шароитига мос, касалликларга чидамли маҳаллий навлардан иборат 445 минг қутидан зиёд ипак қурти уруғини парваришлаб, ҳар қутидан ўртача 58 килограммдан ҳосил олган. Унинг 90 фоиздан ортиғи юқори навларга сотилган. Етиштирилган ҳосил ўтган йилгига нисбатан бир минг тонна кўплигини алоҳида таъкидлаш даркор.
Сурхондарё, Фарғона, Бухоро, Наманган, Қашқадарё, Навоий, Андижон вилоятларининг пиллакорлари биринчилар қаторида шартнома режасини ошириб бажариб, мамлакат хирмонига салмоқли ҳисса қўшди. Бешариқ, Шўрчи, Вобкент, Касби, Каттақўрғон, Ургут, Қизилтепа, Амударё туманларида ҳар қути ипак қуртидан 60—68 килограммдан ҳосил олинганини алоҳида таъкидламоқ жоиз.
Беруний туманидаги «Турсуной ипаги» фермер хўжалиги ҳар қути уруғдан 74 килограмм, Миришкор туманидаги «Алимов Ўктам Назарович» фермер хўжалиги 72 килограмм, Балиқчи туманидаги «Холмирза Болтабоев ишончи» фермер хўжалиги 71 килограмм, Олот туманидаги «Сарвар Худойқулова» фермер хўжалиги 68,5 килограмм, Пахтакор туманидаги «Нўмон ота» фермер хўжалиги 67 килограммгача «кумуш тола» олишга муваффақ бўлди.
Эришилган муваффақиятда тутзорлар кўпайтирилиб, озуқа базасининг мустаҳкамлангани, мавсумга малакали мутахассислар жалб этилиб, пиллакорлар учун зарур шарт-шароит яратилгани муҳим омил бўлди. Пиллакорларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида ихтисослашган замонавий пиллахоналар барпо этилди. Мазкур пиллахоналарда 22 минг 700 қути ипак қурти боқилди. Ҳосилдорликни ошириш ва етиштириладиган пилла сифатини янада яхшилаш мақсадида пиллахоналарнинг атрофида 1100 гектар интенсив тутзорлар барпо этилди.
Изоҳ (0)