Бухорода ипак ва зираворлар фестивали бошланди. Унда Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан келган ҳунармандлар ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда, деб ёзади ЎзА.
Тадбир Бухоро вилояти ҳокимлиги, «Ўзбектуризм» миллий компаниясининг вилоят минтақавий бўлими, «Ҳунарманд» уюшмаси вилоят бошқармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Фестивалда каштачилик, зардўзлик, ўймакорлик, заргарлик, кулолчилик, гиламчилик, пичоқчилик сингари қадимий ҳунармандчилик турларини намойиш этилмоқда.
– Улкан туристик салоҳиятга эга Ўзбекистоннинг, айниқса, Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий шаҳарларини кўришга бўлган қизиқиш халқаро миқёсда тобора ошиб бормоқда, – дейди англиялик сайёҳ Патрик Маккарти. – Турмуш ўртоғим билан Бухорога саёҳатимиз шундай ажойиб фестивалга тўғри келганидан ғоят хурсандмиз. Фестивал бизда унутилмас таассурот қолдирди.
Тадбир доирасида ипак маҳсулотлари ва зираворлар савдоси ўтказилмоқда. Бухоро мис-кандакорлик, миниатюра, зардўзлик, темирчилик, кулолчилик мактаблари тажрибаси билан таништириш маросими, ипак гилам, атлас ва адрас тўқиш, каштачилик соҳаси усталарининг маҳорат дарсларини йиғилганлар катта қизиқиш билан кузатмоқда.
Ёш дизайнерларнинг модалар коллекцияси намойиши, халқ миллий ўйинлари, фолклор дасталарининг чиқишлари тадбирга ўзгача шукуҳ бахш этмоқда, дейилади ЎзА хабарида.
Изоҳ (0)