3 июнь куни Қирғизистон пойтахтидаги «Манас» халқаро аэропортида НАТОнинг Транзит юкларни ташиш маркази авиабазасининг ёпилиш маросими бўлиб ўтади. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Марказ қўмондони Жон Миллард сўзларига кўра, ўзининг 12,5 йиллик умри давомида АҚШнинг бу ердаги авиабазаси орқали аксилтеррор коалициянинг 5,5 миллион ҳарбий кучлари у ёқдан-бу ёққа ташилган.
Объект тугатилгач, 30 миллион долларга яқин қийматга эга мол-мулк Қирғизистонга қолади. Булар асбоб-ускуна, иншоот ва генераторлардир.
Аксилтеррор кучлар авиабазаси Манасда 2001 йил декабрда очилган. У Афғонистондаги «Мустаҳкам озодлик» операциясини қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган эди. Қирғизистон ва АҚШ келишувига кўра, ҳарбийлар 11 июлгача мамлакатни тарк этади.
Эслатиб ўтамиз, яқинда маҳаллий аёлни зўрлашга урингани учун АҚШ авиабазаси ходими Қирғизистонда тўрт йилга қамалган эди.
Изоҳ (0)