Apple компанияси оммалашган наушниклар ишлаб чиқарувчиси Beats Electronics компанияси ҳамда Beats Music мусиқий онлайн-сервисни уч миллиард долларга сотиб олди. Бу ҳақда Apple расмий сайтида хабар берилди.
Ушбу компания Beats наушникларидан ташқари, акустик тизимлар ва аудиодастурлар чиқаради. Келишилган 3 миллиард долларнинг 2,6 миллиарди харид чоғида тўланади, қолган қисми эса кейинги бир неча йил ичида тақдим этилади. Олди-сотдини Apple ўз молиявий йилининг тўртинчи чорагида амалга оширади, у сентябрда тугайди.
Beats ҳамтаъсисчилари — Interscope Records лейбли директорлар кенгаши раиси Жимми Айовин ва Dr. Dre сифатида таниқли репер Андре Янг Apple жамоасига келиб қўшилади.
Баъзи ОАВларнинг тахмин қилишича, Айовин Apple медиабизнесида раҳбарлик лавозимларидан бирини бошқариши ёки Тим Кук маслаҳатчисига айланиши мумкин. Бундан ташқари, Янг ҳам, Айовин ҳам Apple имиджи учун қўл келиши мумкин.
Apple’нинг интернет-сервислар ва дастурий таъминот бўйича вице-президенти Эдди Кьюнинг таъкидлашича, харид натижасида компания iTunes Radio сервисида мусиқа эшитишни Beats Music ва iTunes Store онлайн-дўкони билан мужассамлаштириш имконига эга бўлади.
Изоҳ (0)