Лондоннинг «Кенсингтон ва Челси» деб номланган тумани мериясида навбатдаги 55-Халқаро хайрия ярмаркаси бўлиб ўтди. Ярмаркада ҳаммаси бўлиб дунёнинг 60 дан зиёд мамлакати дипломатия миссиялари қатнашди. Улар қаторида Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси ҳам тадбирда фаол иштирок этди. Мериянинг асосий залида «Ўзбекистон» бўлмаси ташкил этилди, деб хабар берди «Жаҳон» ахборот агентлиги.
Ўзбек халқининг бой маданияти ва анъаналарини намоён этадиган амалий санъат асарлари, жумладан, сопол идишлар, зардўзлик буюмлари намуналари, миниатюра, ипак мато ҳамда сўзаналар Ўзбекистон Республикаси миллий экспозициясининг пештахталаридан жой олди.
— Замонавий Ўзбекистон ҳамда унинг халқи маданияти ва тарихи билан танишиш мен учун мароқли бўлди, — деди экспозиция иштирокчиси Ж. Хюлин. — Ушбу ярмарка ва мамлакатингиз элчихонасининг вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқот менда яхши таассуротлар қолдирди.
Маълумот учун: Буюк Британия пойтахти Лондонда 1959 йилдан буён ўтказиб келинадиган мазкур баҳор ярмаркаси ҳар йили ташкил этиладиган йирик хайрия тадбири ҳисобланади. Унинг фаолияти халқаро ижтимоий ёрдамга муҳтож болалар ва оилаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг турмуш шароитлари юзасидан ғамхўрлик кўрсатишга йўналтирилган. Мазкур ярмарка малика Александра ҳамда дипломатия корпусининг маршали Ч. Грей кўмагида «Бирлашган қироллик халқаро ижтимоий хизмати» томонидан ташкил этилади.
Изоҳ (0)