Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида «Китоб бизни бирлаштиради» мавзусида китобхонлик фестивали бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
«Соғлом бола йили» Давлат дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Республика Байналмилал маданият маркази, Республика болалар кутубхонаси томонидан Республика Маънавият тарғибот маркази ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ўқитувчилар, маънавият тарғиботчилари, ахборот-ресурс марказлари ходимлари, ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Тадбир доирасида Ўзбекистондаги нашриёт-матбаа ижодий уйларида чоп этилган янги китоблар кўргазмаси ташкил этилди.
– Мактабимиз ва меҳрибонлик уйимиздаги кутубхона бадиий китобларга бой, – дейди пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 23-меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси, 182-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Полина Куришова. – Бу ерда ўзбек ва ўндан ортиқ тиллардаги болалар адабиёти намуналари билан танишиш мумкин. Мен Ғафур Ғуломнинг «Шум бола», Худойберди Тўхтабоевнинг «Сариқ девни миниб» асарларини қайта-қайта ўқийман. Китоб – энг яхши дўст. Чунки улар бизни ватанпарварликка, меҳнацеварликка, ҳалолликка, одобга, мақсад сари интилишга ўргатади.
Фестивалда энг фаол китобхонларга болалар адабиётларидан иборат совғалар топширилди. Миллий маданият марказлари қошидаги болалар бадиий жамоаларининг чиқишлари тадбирга янада жўшқинлик бағишлади.
Изоҳ (0)