Украина бош прокурори вазифасини бажарувчи Олег Махницкий Британиянинг Financial Times нашрига берган интервьюсида Виктор Янукович ўз атрофидагилари билан камида 32 миллиард долларни Россияга олиб чиқиб кетганини маълум қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Махницкийнинг эслатишича, бош прокурор Юрий Чайка баёнотига мувофиқ, Россия Украина парламенти томонидан ўз вазифаларидан четлатилган президент Виктор Янукович, бош прокурор Виктор Пшонка ва ИИВ раҳбари Виталий Захарченкони тутиб бермайди.
«Россиядан ташқари барча давлатлар Украина билан ҳамкорлик қилади. Сўнгги тезкор маълумотларга кўра, Россиянинг ўзига камида 32 миллиард доллар ташиб кетилган», — деди бош прокурор вазифасини бажарувчи.
Махницкий, шунингдек Украинанинг активларни қайтариб олиш ҳақидаги сўровига Австрия, Лихтенштейн ва Швейцария жавоб берганини таъкидлади. Мамлакат бош прокуратураси ўз навбатида, бир нечта жиноий ишларни бошлаган.
Изоҳ (0)