Daryo

Яқин Шарқдаги урушнинг 3-куни: Исроил Ливанга ҳам ҳужум қилди, Эрон Саудиядаги йирик нефть заводига зарба берди

Минтақадаги кескинлик ортидан дипломатик муносабатлар узилмоқда, нефть нархи кескин ошди, Ўзбекистон эса фуқароларни хавфсиз эвакуация қилиш чораларини кучайтирди.

3 дақиқа ўқиш20 086 кўришлар0 изоҳ15

Эронга қарши Америка–Исроил операцияси бошланганига 3 кундан ошди. 2 март куни Исроил Ливан ҳудудига зарба берди, Эрон эса Саудия Арабистонидаги Aramco нефть заводини дрон билан нишонга олди. Минтақадаги кескинлик ортидан дипломатик муносабатлар узилмоқда, нефть нархи кескин ошди, Ўзбекистон эса фуқароларни хавфсиз эвакуация қилиш чораларини кучайтирди.

Исроил Ливан ҳудудига ҳам зарба берди

2 март куни Исроил ҳарбийлари Ливан ҳудудига бир неча бор зарба берди. Asharq Al-Awsat хабарига кўра, ҳужумлар оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлган, 149 киши жароҳатланган.

Исроил томони зарбалар “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи томонидан Исроилга қарата учирилган ракеталарга жавоб эканини маълум қилди. Гуруҳ Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ўлдирилгани учун қасос олиш мақсадида ҳужум қилганини билдирган.

Исроил армияси “Арслон наъраси” операцияси доирасида Байрут жанубий чеккаси ва Ливан жанубидаги нишонларга зарба берганини тасдиқлади ҳамда “Ҳизбуллоҳ”га оғир товон тўлатилишини маълум қилди.

Эрон Саудия нефть инфратузилмасини нишонга олди

2 март куни Эрон дрони Саудия Арабистонининг Aramco компаниясига тегишли Ras Таnurа заводига зарба берди. Bloomberg маълумотига кўра, мазкур объект кунига 550 минг баррел хом нефтьни қайта ишлаш қувватига эга.

Зарбадан сўнг завод фаолияти тўхтатилган, ёнғин назоратга олинган. Саудия ҳукумати ва Aramco ҳозирча расмий изоҳ бермади.

Ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан сўнг нефть бозори кескин реакция билдирди. ICE Futures Europе биржасида Brent нефтьи нархи 13 фоиздан ортиқ ошиб, бир баррел учун 82,37 долларга етди — бу 2024 йил июлидан бери энг юқори кўрсаткичдир.

БАА элчихонасини ёпди

Бирлашган Араб Амирликлари Эрон томонидан берилган зарбалар ортидан Теҳрондаги элчихонасини ёпишини ва дипломатик ходимларини чақириб олишини эълон қилди. БАА ТИВ баёнотида Эроннинг ракета ҳужумлари миллий суверенитет ва халқаро ҳуқуқни бузиши сифатида баҳоланган.

Шу билан бирга, Reuters хабарига кўра, 2 март тонгида Кувайтда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли бир нечта самолёт ҳалокатга учраган. Экипаж аъзолари омон қолган, ҳолат юзасидан АҚШ томони изоҳ бермади.

Хоманаийга уюштирилган ҳужум тафсилотлари

CNN манбаларига кўра, Исроил ва АҚШ разведкаси бир неча ой давомида Оятуллоҳ Али Хоманаийни кузатган. 28 февраль куни Теҳрондаги махсус мажмуага юқори аниқликдаги зарбалар берилган.

Фото: CNN

Исроил армияси раҳбарияти операцияни “Арслон наъраси” деб атаган. Орадан бир неча соат ўтиб, АҚШ президенти Дональд Трамп Хоманаий вафот этганини эълон қилган.

Нетаньяху офисига зарба берилгани айтилди

Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси маълумотига кўра, тонгда Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг офисига зарба берилган, унинг тақдири бир муддат номаълумлигича қолган.

Бироқ Нетаньяху ўзининг ўлдирилгани ҳақидаги хабарлардан кейин омма олдида кўриниш берди. У чиқишида: “Мен эронликлар Европани нишонга олишини айтгандим. Шундай ҳам бўлди”, деди. Исроил бош вазири бу билан Эроннинг Кипрга берган зарбасини назарда тутганини маълум қилди.

Нетаньяхунинг таъкидлашича, у ва АҚШ президенти Дональд Трамп “дунёни қутқармоқда”.

Ўзбекистон фуқаролари учун тавсиялар

Вазият кескинлашгани ортидан Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ватандошларни хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилишга чақирди ҳамда вазият барқарорлашгунга қадар мамлакатни тарк этишни тавсия этди. “Бегин” (Исроил–Миср) чегара пункти орқали чиқиш имконияти мавжудлиги қайд этилди.

Қорақалпоғистонда Яқин Шарқдаги ватандошлар учун 24/7 ишловчи штаб ташкил этилди. Фуқаролар (61) 222-27-27 телефони ва @nukusshtab Telegram манзили орқали мурожаат қилиши мумкин.

Эвакуация ва репатриация

Президент Шавкат Мирзиёев Форс кўрфази давлатларида бўлиб турган ўзбекистонликларни ватанга қайтариш бўйича бош вазир Абдулла Ариповга топшириқ берди.

Uzbekistan Airways 2 мартдан бошлаб Жидда—Тошкент йўналишида репатриация рейсларини йўлга қўймоқда. Умра зиёратчиларини Саудия Арабистонига олиб бориш эса вақтинча тўхтатилган.

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

ТИВ маълумотига кўра, Эрондан Туркманистон орқали қайтаётган фуқаролар “Sarahs” чегара пунктида кутиб олинмоқда ва уларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Navoiydanman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining Internet jurnalistika yoʻnalishini tamomlaganman. “Daryo”da 2026-yildan buyon Mahalliy xabarlar boʻlimida muharrir sifatida faoliyat yuritib, yangiliklar va jamlanmalar yozaman. Zemekisning “Forrest Gamp” filmini 20 martadan koʻproq tomosha qilganman. Kafkaning “Qalʼa” romanini qayta-qayta oʻqiyman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар