Буэнос-Айрес провинцияси жанубидаги Баия-Бланка шаҳридаги сув тошқинлари оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда La Nacion газетаси маҳаллий ҳокимият маълумотларига таяниб хабар берди.
Ҳокимият маълумотларига кўра, ҳозиргача зарар кўрган ҳудудда 400 мм ёғингарчилик бўлиб, бу шаҳар учун тарихий максимал кўрсаткичдир.

Мудофаа вазири Луис Петри, хавфсизлик вазири Патриция Буллрих ва Буэнос-Айрес провинцияси губернатори Аксел Кисллоф Баия-Бланка шаҳрига етиб келди.
"Ҳозиргача Баия-Бланкада 375 киши, Даниэль Серри шаҳри чеккасида эса 800 дан ортиқ одам эвакуация қилинган. Ҳалок бўлганлар сони 10 кишига етган, ҳодиса кўламини ҳисобга олсак, қурбонлар сони кўпроқ бўлиши мумкин", дея қайд этди Баия-Бланка шаҳри мери Федерико Сусбиэллес.
Федерал ҳукумат сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун 10 миллиард песо (9 миллион доллар) ажратишга ваъда берди.
Ўтган йилнинг октябрь ойи охирида кучли ёмғир Испаниянинг Валенсия автоном ҳамжамиятида ва унга қўшни ҳудудларда сув тошқинларига сабаб бўлганди.

Бунинг оқибатида 220 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Испаниянинг кўплаб аҳолиси маҳаллий ҳокимиятни табиий офатдан жабр кўрган ҳудудларга ёрдам кўрсатиш бўйича етарлича самарали чоралар кўрмаганликда айблади.
Изоҳ (0)