Марказий банк қарори асосида 2022 йилнинг октябрь ойида “Туркистонбанк” ва Hi-Tech Bank хусусий банкларидан фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия чақириб олинган ва улар банкрот деб эълон қилинган эди. Тугатиш комиссияси тузилди.
Иккала банк томонидан ҳам “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 54 ва 77-моддаларида белгиланган қоидабузарликлар содир этилган.
“Туркистонбанк”да аҳолининг 339 миллиард сўм, Hi-Tech Bank’да эса 5 миллиард сўмлик омонати бўлган.
Марказий банкдаги 25 апрель куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев мазкур икки банк иши бўйича Кузатув комиссияси томонидан ишлар давом этаётганлигини маълум қилди.
Омонатларни кафолатлаш фонди томонидан жисмоний шахсларга омонатлар 100 фоиз қайтариб берилган.
Ҳозирги кунда кузатув бошқарувчиси томонидан хатлаш, кредиторлар, дебиторлар билан учрашувларни биргаликда ўтказиш ишлари амалга ошириляпти. Банкка тегишли бўлган барча активлар тўлақонли реализация қилинганидан кейин албатта ҳам юридик мижозларники, ҳам жисмоний шахсларга Омонатларни кафолатлаш фонди томонидан тўланган омонатлар ўз вақтида қайтарилади.
“Туркистонбанк” омонатчиларига берилган 280 миллиарддан ошиқ маблағ ҳисоб реестрида турибди, — деди Нодирбек Сайдуллаев.
Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратовнинг қўшимча қилишича, икки банк лицензиясини олинишига активларни сифатсизлиги, яъни кредитларни қайтмагани сабаб бўлган.
Ҳозир тугатиш комиссияси ўша маблағларни қайтарганидан кейингина бошқа юридик шахсларга пул беради ва ўз-ўзидан бизни жамғармамизга ҳам бу пулни қайтаради. Бу пуллар солидар тарзда тақсимланади. Фондга пул келиб тушгани йўқ, — деди Мамаризо Нурмуратов.
Аввалроқ мазкур матбуот анжуманида уй-жой учун ажратилаётган кредитлар фоизи пасайиши кутилаётгани маълум қилинган эди.
Изоҳ (0)