Ўзбекистонда Work and travel дастурларида иштирок этувчи талабалар учун ссуда ажратилади.

Ҳукуматнинг 2 майдаги қарорига кўра, Work and travel халқаро дастурлари доирасида ишлаш ва саёҳат қилиш учун хорижий давлатларга бориш ва келиш ҳамда бошқа харажатларни қоплаш мақсадида талаба ёшларга ссуда ажратиш тартиби 2025 йил 15 майдан жорий этилади.
Мазкур давлатларга Европа Иттифоқи давлатлари, Жанубий Корея, Япония, Буюк Британия, АҚШ, Канада, Австралия, Янги Зеландия киритилган.
Ҳар йили 2 000 нафаргача талаба ёшларга БҲМнинг 40 баравари миқдорида ссуда ажратилади. Ссуда ажратиш ҳақидаги аризалар давлат хизматлари маркази ёки ЯИДXП (my.gov.uz) орқали қабул қилинади.
Ариза берувчи қуйидаги ҳужжатларни илова қилади:
- хорижий давлатдаги иш берувчи билан ариза берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномаси;
- ариза берувчи томонидан ссуда қайтарилмаганда, ушбу маблағларни қайтариш мажбуриятини ўз зиммасига олувчи кафил жисмоний шахснинг сўнгги 12 ойлик иш ҳақи тўғрисида маълумот ва қарз шартномаси бўйича кафил бўлишга розилик аризаси — агар мавжуд бўлса;
Талаба ажратилган ссудани хорижий давлатдан келганидан сўнг 1 ой муддатда қайтариш мажбуриятини олади.
1 календарь йил давомида 2 000 нафар ариза берувчига ссуда ажратиш маъқуллангандан сўнг ариза қабул қилиш тўхтатилади. Ссуда ажратилгунга қадар, бироқ кетма-кетлиги бўйича ссуда ажратилган ариза берувчилардан кейин ариза топширган шахслар кейинги йил учун рўйхатга қўйилмайди ҳамда келгуси йилда қайтадан мурожаат қилади.
Ссуда бу — қайтариш шарти билан ажратиладиган фоизсиз қарз.
Шавкат Мирзиёев талабаларнинг ишлаб, даромад топишига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказганида ишлашга эҳтиёжи бор талабаларга ёрдам бериб, уларнинг бандлигини таъминлаш шартлигини айтганди.
Изоҳ (0)