Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида Damas’да 28 нафар боғча боласини олиб кетаётган ҳайдовчига чора кўрилди.
ЙҲХХ матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳайдовчи билан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди. Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-8-моддаси (транспорт воситасида одам ташиш қоидаларини бузиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, БҲМнинг 2 баравари миқдорида (750 минг сўм) жарима белгиланди.
ЙҲХХ барча ҳайдовчиларни одам ташиш қоидасига риоя қилишга чақирди.
Бу каби ҳолатлар тез-тез такрорланмоқда. 23 апрель куни Наманган вилоятининг Косонсой туманида ҳайдовчи Damas’да 25 нафар бола ва бир нафар аёлни олиб кетаётгани аниқланганди. Сурхондарё вилоятининг Денов туманида эса ҳайдовчи Damas’да 32 нафар боғча боласини ташиётгани аниқланди.
2024 йил апрелида Қарши шаҳрида 25 нафар болани олиб кетаётган Damas ЙПХ ходими томонидан тўхтатилганди. Ўша йилнинг сентябрида Андижонда Damas ҳайдовчиси йўловчи ташиш қоидасини бузиб, 32 нафар болани мактабгача таълим ташкилотига олиб кетаётгани аниқланган.
2023 йил сентябрда Бухоро вилояти Ғиждувон туманида боғча мудираси 25 нафар болани ўз Spark’ида олиб кетаётганида тўхтатилганди. Бундан ташқари, Сурхондарёда ҳам ҳайдовчи Damas’да 25 нафар боғча боласини олиб кетаётгани маълум бўлган эди.
Изоҳ (0)