Самарқанд вилояти Жомбой туманидан ўтган М-39 автомобиль йўлида учта транспорт воситаси иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 26 июнь куни тунги соат 22:30 лар атрофида Жомбой тумани “Бешбола” МФЙ ҳудудидан ўтувчи Олмаота—Тошкент—Термиз автомобиль йўлида Nexia русумли транспорт воситаси қайрилиб олаётган вақтида ўзи билан бир йўналишда ҳаракатланиб келаётган MAN русумли юк транспорт воситаси орқасидан келиб уриб юборган.
Оқибатда Nexia русумли автомашина қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган “ГАЗ-60” русумли транспорт воситасининг олди қисми билан тўқнашган, ундан сўнг MAN юк транспорт воситаси йўлни иккига ажратиб турувчи бетон тўсиққа келиб урилган.
Шундан сўнг юк транспорт воситасининг салон қисмида ёнғин содир бўлган. Ёнғин зудлик билан ФВБ томонидан бартараф қилинган. Ҳодиса оқибатида оғир тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жомбой туман ИИБ ЖХХ ЙҲХБ томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда “КамАЗ” аёл ва унинг икки фарзандини уриб юборгани, Сирдарёда Nexia-1 юк машинасига келиб урилиши оқибатида икки киши жароҳатлангани, Тошкентда 2024 йилнинг беш ойида ЙТҲ оқибатида 29 киши ҳалок бўлгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)